Гулчеҳра Жамилова: хусусий кинонинг бозордан фарқи қолмади

Маданият 14 Ноябрь 2015 5058

Ўзбекистон халқ артисти Гулчеҳра Жамилова “Даракчи” газетасига берган интервьюсида Ўзбекистонда бугунги кунда туширилаётган кинолар ҳақидаги кескин фикрларини очиқ-ойдин билдирди.

“Қанчалик аччиқ бўлса-да дилимдагиларнинг барини тўкиб солмоқчиман, - деб гап бошлади санъаткор. – Бугунги кундаги кинонинг аҳволидан қониқасизми, деган саволга шунча йилдан буён ҳеч кимни хафа қилмай, нафсониятига тегмай деган мақсадда “қониқмайман” деб қўярдим, холос... Барча фильмлар ёмон дейишдан йироқман. Айрим кинокартиналар совринларга эга бўляпти, лекин уларнинг бари давлат буюртмаси асосида суратга олинган. Хусусий киностудиялар ишлайдиган фильмлар эса бу рўйхатдан мустасно. Улар ўзига хон, ўзига бек бўлгани учунгина, қўпол қилиб айтганда, “кўпириб” кетишяпти. Истаса пул тиккан продюсери ёки унинг қариндош-уруғи бош қаҳрамон ролини ижро этади, сценарий йўл-йўлакай ёзилади, масъулиятни ҳис қилишмайди. Аслида эса улар ҳам тарози палласини босадиган, меъёр чегараларига эга кинокартиналар ишлаши шарт!”.

Актрисанинг фикрича, ёш режиссёрлар Шуҳрат Аббосов сингари устозлардан иш ўрганиб қолишмаса, келажакда ҳеч қандай натижага эриша олмайди. Гулчеҳра Жамилова енгил-елпи фильмларнинг “хонтахта” эканлигини яна бир бора эслатиб ўтди.
“Қайнона-келин, бой-камбағал каби маиший мавзудаги кинокартиналарнинг бари - “хонтахта”. Бундай муносабатлар ҳар бир миллатда бор. Лекин улар тинмай юқоридаги каби мавзуларда фильмлар ишлаётгани йўқку! Томошабин дастингиздан дод деяптими, демак, кинокартинага қўл уришдан аввал дўппини ерга қўйиб фикр юритинг. Режиссёрлар нега томошабинни менсишмайди? Ахир улар бўлмаса, ижодкор ҳеч ким эмас!”.

“Қачонгача қайнона-келин ва бизнесмен эркак қиёфасини кўрамиз? – савол берди актриса. – Яратилган имкониятлардан фойдаланиб, нега шифокор, тадбиркор, олима бўлган аёлларни экранга олиб чиқишмайди? Шу саволларга жавоб тополмай қийналаман”. Бундан ташқари, Гулчеҳра Жамилова кўп ёшлар санъатни бу йўналишга қизиққани учун эмас, балки “санъаткорда пул кўп” деган сабаб билан танлаётганини таъкидлаб ўтди. Айнан мана шундайлар, унинг фикрича, фильмларнинг савиясиз олинишига сабабчи бўлиб қолмоқдалар.

Кўпроқ янгиликлар