Сирдарё вилояти маркази Гулистон шаҳрида содир этилган жиноят оқибатида бир аёл оламдан ўтди, икки қиз эса оғир тан жароҳатлари олди. Бу ҳақда “Адолат кўзгуси” газетаси ёзмоқда.

Айтилишича, Андижон вилоятида туғилган Яҳёбек Абдуназаров исмли шахс Гулистонда ишлаб келган. Бир сафар у Дилнавоз исмли қўшмачи аёл билан танишиб, у орқали фоҳиша “буюртма” қилган. У билан тун ўтказгач, йигит пул беришни истамаган. Жанжал келиб чиққан. Жаҳл устида Яҳёбек ёнидан пичоқ чиқариб, қизга бир неча жароҳат етказган.

Шовқин-суронни эшитган Дилнавоз ёнида яна бир фоҳиша билан хонага кириб келган. Яҳёбек уларга ҳам жароҳат етказган. Натижада қўшмачи аёл шу ернинг ўзида оламдан ўтган.

Тергов жараёнида Абдуназаров илгари ҳам жиноятлар содир этгани аниқланди. Жумладан, Тошкент вилоятининг Зангиота туманида новвой бўлиб ишлаган кезлари Ҳумор деган қизни алдаб, уни Андижонда меҳмон қилиш баҳонасида водий довонига олиб чиққан ва ерда зўрлагани маълум бўлди.

Барча жиноятлари туфайли Яҳёбек Абдуназаров 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. У тайинланган жазонинг 2 йилини турмада, қолганини эса қаттиқ тартибли колонияларда ўташи белгиланди.