Оқ ўрда матбуот хизмати Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг кутубхонаси суратларини тарқатди. Суратлар сайтнинг фейсбукдаги расмий саҳифасига жойлаштирилган.

Суратларда кўринадики, президент кутубхонасидаги китоб жавонлари жаҳон мумтоз адабиёти, шунингдек, машҳур қозоқ ёзувчилари асарлари билан тўлдирилган.

"Қозоғистон президенти нафақат ўзи китоб ўқишни хуш кўради, балки бошқаларга ҳам ўқиш учун вақт ажратишни маслаҳат беради", дейилади Нур.кз нашри хабарида.

Нашрда эслатилишича, 2 йил аввал президент шундай даъват билан ёшларга мурожаат қилган ва ўзи тавсия этадиган китобларни санаб ўтган эди.

"Ижтимоий тармоқларга вақт сарфлагандан кўра, кўпроқ ўқиш керак. Интернет ҳозир мода бўлди. Ўз вақтида хиппи ва стиляги ҳам мода бўлганди. Модалар ўткинчи. Билим эса қолади", деган ўшанда қозоқлар Элбошиси.

Ўшанда Назарбоев Сенека фалсафаси тарафдори эканини қайд этиб ўтганди.