ОАВ: Париждаги “Батаклан” концерт зали босқинчилардан озод этилди, бироқ кўплаб қурбонлар бор

Жаҳон 14 Ноябрь 2015 8817

Француз полицияси Парижда босқинчилар томонидан одамлар гаровга олинган “Батаклан” концерт залини террорчилардан озод қилиш операциясини якунлади, деб хабар бермоқда РИА “Новости” ахборот агентлиги.

BFM телеканали маълумотларига кўра, террорчилар концерт залидаги одамларни отиб ташлаган, охирги маълумотларга кўра 112 киши ҳалок бўлган, кўплаб яраланганлар бор.

Француз ОАВлари маълумотларига кўра, концерт залини штурм қилиш ярим соатга яқин давом этган. Икки террорчи йўқ қилинган, бир нафари қўлга олинган. Залдан чиқиб кета олган томошабинлардан бири зал биносига 3-4 қуролланган киши бостириб кирганини айтган. Улардан бири одамларга қарата автоматдан ўқ узган. У бир неча бор қуролини қайта ўқлаган, айнан шундай пайтда кўплаб томошабинлар залдан чиқиб кетишга муваффақ бўлишган.

Париждаги бу теракт билан деярли бир вақтда шаҳарнинг бир қатор туманларида яна бир нечта теракт амалга оширилган. Учта портлаш футбол бўйича Франция ва Германия терма жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашуви бўлиб ўтаётган Stade de France стадиони ёнида содир этилган. Ўйинга Франция президенти Франсуа Олланд ташриф буюрган эди, у стадиондан зудлик билан олиб чиқиб кетилган. Бундан сал аввалроқ яна бир террорчи Парижнинг 10-округида жойлашган “Le Carillon” ресторанидаги мижозларга Калашников автоматидан ўқ узган.

Шунингдек, Парижнинг яна бир қатор туманларида отишмалар юз бергани ҳақида маълумотлар олинди – номаълум шахслар Парижнинг камида 6 та кварталида одамларга қарата ўқ узган. Ҳужумлар содир этилган деярли барча жойлар Парижнинг ўнг соҳилида жойлашганлиги айтилмоқда.

Кўпроқ янгиликлар