Телефон парижлик йигитни террорчилар ўқидан асраб қолди

Жаҳон 14 Ноябрь 2015 11551

Париж теракти гувоҳларидан бири ўз мобил телефони жонини асраб қолгани ҳақида айтиб берди. iTele нашрида ёзилишича, унинг қўлидаги телефон ўқни қайтариб қолган.

Сильвестр исмли ушбу йигит "Стад де Франс" стадиони яқинида телефонда мулоқот қилаётган чоғда теракт бошланган. Унинг елкаси ва оёғига ўқ теккан, яна бир ўқни эса у қулоғида тутиб турган телефон тутиб қолган.

"Бу телефон бошимга келаётган ўқдан мени тўсиб қолди. Агар у бўлмаганида мен тирик қолмас эдим", деган у.

Эслатиб ўтамиз, 13 ноябрь оқшомида Парижда давомли терактлар содир этилди.

Террорчилар аввалига Франция ва Германия ўртасидаги ўртоқлик учрашуви бўлиб ўтаётган «Стад де Франс» стадиони яқинида портлаш содир этди. Шундан сўнг, Сена дарёси бўйидаги бир қатор ресторанларда хўрандаларга қарата ўт очилди.

Энг асоратли воқеалар эса "Батлакан" театрида юз берди. Концерт вақтида бинога кириб келган жангарилар 4 томонга ўт сочиб, юз нафарга яқин кишини отиб ташлаб, кўплаб кишиларга жароҳат етказишди.

Сўнгги расмий маълумотларга кўра, терактлар оқибатида 128 киши ҳалок бўлган, 200 га яқин одам тан жароҳати олган.

ОАВларда эса ҳалок бўлганлар сони 150 нафар, жароҳатланганлар 250 нафарлиги айтилмоқда.

Кўпроқ янгиликлар