Тошкентда “Спайс” сунъий гиёҳванд воситаси савдоси билан шуғулланувчи жиноятчилар гуруҳи қўлга туширилди. Бу ҳақда “Даракчи” нашри ёзмоқда.

Айтилишича, дастлаб тўда аъзоси, Тошкент вилоятида туғилган 39 ёшли Суннатулла Абдирайимов қўлга олинган. У Тошкент шаҳрида “Спайс” ва марихуана сотаётган пайтда жиноят устида қўлга тушган. Абдирайимов нашани Шерзод Долгих деган одамдан олганини айтган. Шу тариқа, қўлга олинган жиноятчилар сони 2 нафарга етган.
Тергов натижасида калаванинг бир учи Қашқадарё вилоятида яшовчи, 1982 йилда туғилган Баҳриддин Каримовга бориб тақалган. Маълум бўлишича, Долгихдан мусодара қилинган модда ҳам аслида Баҳриддиновдан олинган экан.

Тўданинг яна бир аъзоси, 36 ёшли Фарҳод Мирсаидов ҳам Тошкентда 300 минг сўмлик “мол” сотаётганида қўлга олинди. Унинг кетидан гувоҳликлар асосида Мирзо Улуғбек туманида яшовчи 33 ёшли О. Зияев ҳам ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўлга туширилди.

Тергов давомида пойтахтда олийгоҳлардан бирининг 25 ёшли талабаси, гуруҳда воситачи ролини ўйнаган Денис Токарев ҳам қўлга олинди. Унинг изидан Республика Олимпия захиралари мактаби теннис мураббийи Фаррух Обидов ҳам 50 гр “Спайс” моддасини “Самарқанда дарвоза” савдо мажмуаси автотураргоҳида минг долларга сотишга уринаётган вақтида қўлга тушган.

31 ёшл Ф. Обидовнинг уйи ва машинасини тинтиш чоғида 80 гр “Спайс”, марихуана уруғ ҳамда наркотиклар тайёрлаш ва чекиш учун ишлатиладиган мосламалар топилган.
Шу тариқа, гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи бутун бошли тармоқ фош қилинди. Жиноятчилар 3 йилдан 11 йилгача озодликдан маҳрум қилинди.