Ўзбекистонлик футболчи, жорий мавсум бошидан буён Мальдив оролларининг “Нью-Радиант” жамоаси таркибида тўп сураётган Алишер Аҳмедов “Даракчи” газетасига берган интервьюсида ўзининг илк таассуротлари билан ўртоқлашди.

“Мавсум бошида Мальдив ороллари чемпионатидан таклиф тушди. Тўғриси, бу чорлов мен учун янгилик эди. Шу боис қизиқиб қолдим ва “Нью-Радиант СК” клубининг таклифини қабул қилдим, - деди у. – Шунингдек, бу клубнинг чорловини қабул қилишимнинг яна бир сабаби шуки, жамоа мамлакатнинг энг кучлиси ҳисобланади. Ҳар йилди ОФК Кубоги мусобақасида тўп суриб келади”.
Аҳмедов жамоа таркибидаги тажрибасини ижобий баҳолади. Дастлаб у бу ердаги чемпионатнинг савиясини анча паст деб ўйлаб, адашганини тан олди.

Шунингдек, Аҳмедов дастлаб клуб базасида туришга тўғри келганини, айни пайтда эса словакиялик бошқа бир легионер билан бирга турганини айтиб ўтди.
Келажакдаги режалари ҳақида гапирар экан, ўзбекистонлик спортчи аниқ фикр айтмади.
“Ҳозирча бирор нима дея олмайман, - деди у. – Чунки олдимда қатор вариантлар бор. Бир қатор яхши таклифлар тушмоқда. Ҳаммасини ўйлаб кўриб, кейинчалик бирор қарорга келаман”.