"Катта йигирматалик" (G20) давлатлари 15 ноябрь куни Туркиянинг Анталья вилоятидаги Белек шаҳрида ташкилотнинг навбатдаги саммитида иштирок этиш учун тўпланишди.

Давлат раҳбарлари биргаликда суратга тушишди ва ОАВ учун ёпиқ бўлган расмий нонушта сари йўл олишди. Саммит дастурида тушлик чоғида иштирокчилар ривожланиш ва иқлим ўзгариши масалаларини муҳокама қилиши белгиланганди.

Тушликдан сўнг “Қамровли ўсиш: глобал иқтисодиёт, ўсиш стратегиялари, бандлик ва инвестиция стратегиялари” мавзусида ўтказиладиган сессияси бошланди.

Туркия Республикаси бош вазири томонидан иштирокчи мамлакат раҳбарлари ва уларнинг рафиқалари шарафига қабул маросими уюштирилган.

Президент Ражаб Тойиб Эрдўған раислигида ўтказиладиган кечки амалий зиёфат чоғида эса “Глобал синовлар: терроризм, қочқинлар билан боғлиқ муаммолар” мавзуси кўтарилиши белгиланганди. Лекин саммит арафасида Париж теракти содир бўлгани муносабати билан раҳбарлар дастлаб ушбу теракт ҳақида фикр алмашишадиган бўлди.

Саммитнинг 2-куни 2015 йил 16-ноябрда дастлабки амалий сессияда саммит иштирокчилари “Чидамлиликнинг оширилиши” сарлавҳаси остида молиявий қоидалар, халқаро солиқ кун тартиби, коррупцияга қарши кураш ҳамда Халқаро валюта жамғармасини (ХВЖ) ислоҳ қилишга доир масалаларни кўриб чиқадилар.

Мазкур тадбирдан сўнг ўтказиладиган амалий тушлик чоғида савдо ва энергетика мавзулари муҳокама қилингач, Анталья декларацияси ҳамда Анталья ҳаракат режаси қабул қилинади.

2016 йил “Катта йигирмалик”нинг амалдаги раислик навбатини кабул қилиб оладиган Хитой халқ республикаси раҳбари томонидан амалдаги раислик даврида эътибор қаратиладиган устувор йўналишлар борасида ўтказиладиган тақдимот билан саммит ўз ниҳоясига етади.

Анталья саммити бўйича натижалар Туркия Республикаси Президенти томонидан ўтказиладиган матбуот анжумани орқали кенг жамоатчиликка маълум қилинади.

Маълумот учун, “Катта йигирмалик” ( G20 — инглизча The Group of Twenty, major advanced and emerging economies) — ҳукумат ва марказий банк рахбарларининг клуби бўлиб, унга иқтисоди тараққий этган қуйидаги давлатлар: Австралия, АҚШ, Аргентина, Бразилия, Буюк Британия, Германия, Ҳиндистон, Индонезия, Италия, Канада, Хитой, Мексика, Россия, Саудия Арабистони, Туркия, Франция, Жанубий Корея, Жанубий Африка Республикаси, Япония ва Европа Иттифоқи кирган. Европа Иттифоқи номидан Еврокомиссия ва Европа Кенгаши раислари иштирок этади. G20 анжуманларида, шунингдек, халқаро ташкилотлар, жумладан Молиявий барқарорлик Кенгаши, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон савдо ташкилоти, БМТ, Жаҳон банки раҳбарлари ҳам иштирок этмоқда.

Саммитда БМТ бош котиби Пан Ги Мун ҳам иштирок этиши кутилмоқда.

Шунингдек, Туркия президенти саммитга Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиевни ҳам таклиф қилган.

Франция президенти Франсуа Олланд юртидаги мотам туфайли бу саммитга келмади.