Интернетда 13 ноябрь куни тунда террорчилар томонидан Франция пойтахти Париж шаҳридаги «Батаклан» тунги клубига террорчилар ҳужуми акс этган видеотасвир жойлаштирилди. Айни шу кечада клубда Калифорниянинг Eagles of Death Metal гуруҳи концерт бераётган эди. Видеоёзув қўшиқлардан бири отишма овози сабабли тўхтаб қолинган лаҳзада тасвирга олинган. Шундан сўнг мусиқачилар саҳнани тарк этишни бошлаган.

The Guardian нашри хабарига кўра, отишма натижасида гуруҳ менежерларидан бири — Британия фуқароси ҳисобланган Ник Александер (Nick Alexander) вафот этган. У 36 ёшда бўлиб, ўз фаолияти давомида Sum 41, Panic! at the Disco ва The Black Keys гуруҳлари билан бирга фаолият кўрсатган.
Париждаги ҳодисалардан сўнг Eagles of Death Metal Европа бўйлаб сафарига якун ясади. Мусиқачилар Бельгия, Швейцария, Германияда концерт бериб, гастроль сафарини 10 декабрда Португалияда якунига етказишлари керак эди.

Эслатиб ўтамиз, 13 ноябрь оқшомида Парижнинг бир қанча округларида терактлар уюштирилди ва бунинг оқибатида 129 нафар киши нобуд бўлди, жароҳат олганлардан 99 кишининг аҳволи анча оғирлиги маълум қилинди.