Ҳар йили декабрь ойининг биринчи якшанбасида АҚШнинг Чикаго ўзбек жамиятида палов куни нишонланади. 2015 йилги палов куни 6 декабрда бўлиб ўтади.

Чикаго ўзбек-америка ассоциацияси борд аъзоси Жамшид Эшонхўжаевнинг Kun.uz сайтига хабар беришича, ушбу байрамда энг аввало олий даражадаги мазали палов тайёрлаш ният қилинган. Унга қази ва тухумлар солиниши кўзда тутилган.

Байрамда болажонлар иштирокида модалар кўргазмаси (fashion show), ош тарихи ҳақида монолог ташкил этилиб, миллий қўшиқ ва рақслар ижро қилинади.
Палов кунига Собиқ Иттифоқнинг 15та республикасидан меҳмонлар таклиф этилган. Ундан ташқари, афғонлар, америкаликлар, араблар, турклар ва бошқа бир қанча миллатлар келиши кутилмоқда.

Байрамдан мақсад ўзбек миллий қадриятларини тарғиб қилиш ҳамда Американинг ранг-баранг маданиятида ўзбекона анъаналарнинг ўрнини намойиш этишдан иборат.