Франция ва Буюк Британия ташқи ишлар вазирликлари Париждаги теракт туфайли бундан кейин доимий алоқада бўлиб, ўзаро разведка маълумотлари алмашиш ҳажмини кенгайтиради. Бу ҳақда Франциянинг Лондондаги элчиси Сильвия Берманнга асосланиб, РИА Новости хабар қилган.

"Биз ўзаро разведка маълумотлари алмашишни кенгайтирамиз. Икки давлат махсус хизматлари ҳамкорликда иш олиб боришади. Икки давлатнинг ТИВ раҳбарлари доимий алоқада бўлиб туришади", дейди элчи хоним.

Эслатиб ўтамиз, 14 ноябрга ўтар кечаси Франция пойтахти Париж шаҳрида ИШИД жангарилари томонидан давомли терактлар содир этилди. Охирги маълумотларга кўра, ушбу хунрезликлар натижасида 129 киши ҳалок бўлган, жароҳатланганлар сони 352 нафарни ташкил этади. Жароҳатланиб шифохонага ётқизилганларнинг 99 нафари оғир аҳволда қолмоқда.