13 ноябрь оқшомида Франция ва Германия терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашуви вақтида "Стад де Франс" стадиони ташқарисида портлашлар содир бўлгани ҳақида терма жамоаларнинг мураббийлари танаффусга қадар билишган. The New York Times нашрида ёзилишича, мураббийлар ўз билганлари ҳақида футболчиларга танаффус вақтида ҳеч нарса айтмасликка қарор қилишган.

Ушбу ўйин стадионга ташриф буюрган 80 минг мухлисни хавотирга қўймаслик учун тўхтатилмаслиги ҳақида қарор қабул қилингач, футболчиларга ҳам ҳеч нарса айтилмаган. Ўйин мезбонларнинг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан тугаган.

Кейинроқ ушбу ўйинда қатнашган футболчилардан бири францияликлар ярим ҳимоячиси Лассана Диарранинг амакиваччаси ҳам теракт қурбонига айлангани маълум бўлган.

Эслатиб ўтамиз, 13 ноябрь оқшомида Парижда давомли терактлар содир этилди.

Террорчилар аввалига Франция ва Германия ўртасидаги ўртоқлик учрашуви бўлиб ўтаётган «Стад де Франс» стадиони яқинида портлаш содир этди. Шундан сўнг, Сена дарёси бўйидаги бир қатор ресторанларда хўрандаларга қарата ўт очилди.

Энг асоратли воқеалар эса "Батлакан" театрида юз берди. Концерт вақтида бинога кириб келган жангарилар 4 томонга ўт сочиб, юз нафарга яқин кишини отиб ташлаб, кўплаб кишиларга жароҳат етказишди.

Сўнгги расмий маълумотларга кўра, терактлар оқибатида 129 киши ҳалок бўлган, 352 нафарга яқин одам тан жароҳати олган. Жароҳатланиб шифохонага ётқизилганларнинг 99 нафари оғир аҳволда қолмоқда.

Париждаги терактларда 12 мамлакат фуқаролари ҳалок бўлгани билдирилмоқда. Айни пайтда Жазоир, Бельгия, Буюк Британия, Чили, Марокаш, Португалия, Руминия, Испания, Швеция, Тунис, АҚШ ва Франция фуқаролари мазкур фожиа қурбони бўлгани айтилган.