Миср полицияси Исроил ҳамда Ғазо сектори билан чегара яқинида 15 нафар отиб кетилган африкалик муҳожирлар жасадини аниқлади. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар қилди.

Дастлабки тахминларга кўра, Синай яримороли шимолида Рафах шаҳридан жануброқда муҳожирларга қарата ўқ узилган. Худди шу ҳужум натижасида саккиз киши жароҳат олган. Ҳозирча отишма ким томонидан уюштирилгани ва қурбон бўлганлар қайси давлат фуқаролари экани аниқлаштирилмаган.

Синай яримороли шимоли жанубий қисмидан фарқли равишда, сўнгги ўн йилларда сайёҳлик бизнеси барбод бўлган, Шимолий Синай нотурғун ва қамбағал ҳудуд ҳисобланади. Бу ерда бир қатор жангарилар гуруҳи, жумладан, “Вилайят Синай” фаолият олиб боради. Айни шу жангарилар 31 октябрь куни Россия йўловчи самолётининг фалокатига алоқадор эканини маълум қилган эди.