G20 саммити вақтидаги ўзаро учрашувда Россия президенти Владимир Путин ва АҚШ раҳбари Барак Обама Сурияда тинчлик ўрнатилиши масаласини муҳокама қилишди. 

Рейтер нашри хабарига кўра, президентлар Сурия мавзуси кўтарилган Вена музокаралари якунларини қайд этиб ўтишган ва Париж терактларини келтириб чиқарган ушбу муаммони дарҳол ҳал қилиш кераклигини таъкидлаб ўтишган.

Улар Сурияда сулҳ тузилиши бўйича гаплашишган ва БМТ ҳомийлигида зиддиятдаги томонларни музокара столи атрофида йиғишга келишиб олишган.

Шунингдек, Обама Россиянинг ИШИДга қарши ҳарбий ҳаракатлари мувофиқлаштирилишини сўраган.

Бироз олдинроқ, Обама ва Путин 20 дақиқа давомида гаплашишгани хабар қилинганди.

Эслатиб ўтамиз, 14 ноябрга ўтар кечаси Франция пойтахти Париж шаҳрида ИШИД жангарилари томонидан давомли терактлар содир этилди. Охирги маълумотларга кўра, ушбу хунрезликлар натижасида 129 киши ҳалок бўлган, жароҳатланганлар сони 352 нафарни ташкил этади. Жароҳатланиб шифохонага ётқизилганларнинг 99 нафари оғир аҳволда қолмоқда.