Парижда содир этилган туркум терактлар муносабати билан Швейцариянинг Лозанна шаҳрида жойлашган Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) штаб квартирасидаги Олимпия байроғи тушириб қўйилди. Бу ҳақда ХОҚ раҳбари Томас Бах маълум қилган.

"Бугун мен президент Олландга ўз ҳамдардлигим ва ёрдамимни аямаслигим ифода этилган мактуб йўлладим. Мен бўлиб ўтган воқеа қурбонлари хотирасига эҳтиром сифатида Олимпия байроғини тушириб қўйишларини буюрдим”, - деди Бах.

Бах терактларга нисбатан ўз муносабатини билдириб ўтган. "Бу одамни жуда қайғуга солади. ХОҚ бу қилмишларни ваҳшиёна ва қўрқоқларча амалга оширилган, деб ҳисоблайди. Бу нафақат Франция ва Парижга қарши қилинган жиноят, балки бутун инсоният ва Олимпия қадр-қимматига ҳам қилинган тажовуздир”, - деб таъкидлаб ўтган у.