Европада бошпана излаётган Сурия ва бошқа давлатлардан қочқинлар Парижда содир этилган терактларни қоралашмоқда ва уларга Ғарбий Европада янада қийинроқ бўлишидан хавотирланишмоқда, деб хабар бермоқда Associated Press ахборот агентлиги.

Уларнинг айтишича, улар Парижда содир этилган терактларга ўхшаш терактлар уларнинг ватанларида содир этилгани ва этилаётганидан Европа Иттифоқига қочишга мажбур бўлганлар.

Ироқлиқ Забор Акром исмли бир муҳожирнинг айтишича, “бу Сурия ва Ироқдаги каби терактдир”. Суриялик Абдул Салом исмли қочқин эса энди қочқинларга террорчиларга қарагандек қарашдан қўрқмоқда.

Аввалроқ Париждаги терактлар Германия миграция сиёсати борасида муҳокамага сабаб бўлгани маълум қилинганди.

Охирги маълумотларга кўра, Париждаги терактлар оқибатида 129 киши ҳалок бўлган, 352 киши жароҳат олган, улардан 99 нафари оғир аҳволда қолмоқда.