13 ноябрь куни Франция пойтахтининг 7 жойида 3 соат ичида бир қанча қўпорувчилик ҳаракатлари содир бўлди. Бу терактлар бутун дунё аҳлини ларзага солди. Жамоатчилик вакиллари ва турли ташкилотлар ранг-баранг йўллар билан ўз таъзияларини билдирмоқда. Лекин Facebook ижтимоий тармоғи танлаган йўл кўпчиликнинг таажжубига сабаб бўлди: тармоқ раҳбарияти барча фойдаланувчиларга ўз аватарини Франция триколори рангларига бўяши имкониятини тақдим қилди.

Албатта, оғир кунларни бошдан Францияни бундай йўл билан қўллаб-қувватлаш ёмон эмас, аммо бир кун олдин Байрутда содир бўлган қўпорувчилик ҳаракатлари, қўйингки, узоқ йиллардан буён Сурия, Ливан, Ироқ, Туркия, Ливия, Афғонистон ва бошқа давлатларда содир бўлаётган даҳшатли қотиллик ва вайронагарчиликларга ижтимоий тармоқ мутасаддилари деярли ҳеч қандай эътибор қаратмаётгани уларнинг “оқ инсон устунлиги” комплексида айбланишига замин бўлмоқда.

Бу борадаги муҳокамалар охир-кетини билмаяпти. Бир томондан, Facebook’нинг қарорига қарши чиқиш ҳам жабрдийда Франция халқига нисбатан адолатсизлик бўлади. Бошқа томондан, дунёнинг бошқа қисмларида истиқомат қилаётган ва азоб тортаётган халқларга нисбатан адолатсизлик қилинганидек...

Бу масалада якуний қарорга келишнинг ўзи бўлмайди. Жамоатчилик орасида муҳокаманинг бўлгани маъқул, лекин масала олий даражада, методик ва тинч-сокин музокараларда ҳал қилиниши, барчани қониқтирадиган муроса йўли танланиши лозим деб ҳисоблаймиз.

Қуйида эса бир ёқламаликдан, қисман бўлса-да, қочиш мақсадида, бу муаммога Ғарб инсонининг нуқтаи назарини келтирамиз. Британиялик журналист Сара Юеннинг устунлиги шундаки, у, Ғарбда туғилиб ўсган бўлишига қарамай, анчадан буён Шарқда – Таиландда истиқомат қилиб келмоқда. Шу боис у икки томоннинг фикрлари билан яхши танишдир.
Албатта, унинг фикрлари ҳам баҳслидир, кимдир қўшилади, кимдир қўшилмайди. Зеро дунё фикрлар ранг-баранглиги билан гўзалдир. Нима бўлганда ҳам, биз унинг бутун дунёни бирлаштириш ва урушларни тўхтатиш борасидаги чақириқларига тўлалигича қўшиламиз.

Сара ўз саҳифасида қуйидагича ёзув қолдирди:
“Сиз мендан нега профилимда Франция байроғининг йўқлигини сўрарсиз? Чунки кеча Парижда содир бўлган нарса ҳар куни Яманда, Ғарб кучларининг сукутдаги ризолиги ортидан содир бўлмоқда.
Чунки Парижда содир бўлгани ҳодиса мунтазам равишда Ироқ ва Афғонистонда содир бўлмоқда. Бир ҳафта муқаддам бозордаги портлаш оқибатида 200 киши ҳалок бўлди, лекин жаҳон ҳамжамияти бунга эътироз билдирмади.
Чунки ҳеч ким Фаластин ва Нигериядаги даҳшатлар ҳақида гапирмаяпти. Биз эса – замонавий Ғарб дунёси – гўёки бунинг учун жавобгарлигимиз йўқдай чеккадан кузатиб турибмиз.

Айрим ҳаётлар бошқаларникидан қимматроқ туриши адолатдан эмас. Агар бугун биз французлар бўлсак – биз айни пайтда сурияликлар, курдлар, ироқликлар, яманликлар бўлишимиз лозим. Биз барча фотографияларни захира қилиб олиб, керак бўлганида профилимизни алмаштиришимиз лозим. Бу нарса бугуннинг ўзидаёқ керак бўлиши мумкин. Энг муҳими, биз буни алмаштиришимиз лозим. Ҳалок бўлаётганлар сонининг ўсишини тўхтатишимиз лозим. Бусиз ҳам биз ушбу фожиалар ва ҳалокатлар сабабчиси эканлигимизни тан олишимиз керак. Биз – Ғарб дунёсининг узоқни кўра олмайдиган аҳолиси, бизга ўзимиз – бизнинг ҳаёт тарзимиз, одамларимизгина қизиқ.

Агар биз яхшироқ дунёда яшашни истасак, бу дунёни яратишимиз лозим. Туришимиз. Урушларни тўхтатишимиз. Бомбардимонларни тўхтатишимиз. Ғарб кучлари, агар хоҳласалар, ИШИДни эртагаёқ тўхтатишлари мумкин. Лекин улар буни истамайди – чунки бу уларга манфаат келтиради. Худди Ироқ ва Афғонистондаги урушлар Блэр ва Бушга манфаат келтирганидек. Бугун бу факт. Бугун бу исботланди. Биз барчамиз буни биламиз. Ва бизнинг барчамиз шунча йиллар сукут сақлаганимиз учун жавобгармиз.

Журналистлардан эса расмий органлар баёнотларини шубҳасиз факт сифатида келтиришни бас қилишни сўраган бўлар эдим. Саволлар беринг, талаб қилинг, топган ҳамма нарсангизни ўқинг, нуқталарни бирлаштиринг, таҳлилдан ўтказинг. Ва ўзингиз хулоса қилинг. Одамларга сизга қараб турибди. Сизнинг тингламоқда. Журналист ҳамма нарсада камчилик қидириши, шубҳаланиши керак. Бу бизнинг ишимиз. Бу биздан талаб қилинадиган нарса”.

Жаҳондаги кўплаб бинолар Франция байроғи тусига кирди