Ўзбекистон Давлат рақобат қўмитаси 2015 йилнинг январь-сентябрь ойларида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот топширди. Унда айтилишича, мазкур даврда муҳим истиқболли вазифалар ижросига асосий эътибор қаратилди.

Хусусан, ҳисобот даврида қўмита 44та норматив-ҳуқуқий актлар лойиҳаларини ишлаб чиққан бўлиб шулардан 6таси қонунлар, 7таси Ўзбекистон президенти фармонлари, 16таси ҳукумат қарорлари, 15таси идоравий норматив-ҳуқуқий актлардир. Шу билан бир қаторда, бошқа вазирликлар ва идоралар томонидан тақдим этилган 319 норматив-ҳуқуқий актлар лойиҳалари кўриб чиқилди (шулардан 32таси қонун, 28таси Ўзбекистон президенти фармонлари, 211таси ҳукумат қарорлари, 48таси идоравий норматив-ҳуқуқий актлар).

Ҳисобот даврида 729 давлат активлари хусусий секторга ўтказилди. Шулардан 537таси “ноль” нархда 24.3 млн доллар ва 607.4 млрд сўмлик инвестицион мажбуриятлар, шунингдек, 19 518 янги иш ўрни яратилиши билан сотилди. Умумий ҳисобда барча активлар 89.02 млрд сўмга 24.3 млн доллар ва 621.7 млрд сўмлик инвестицион мажбуриятлар, шунингдек, 20 096 янги иш ўрни яратилиши билан сотилди.

Бугунги кунда яна 852 давлат активи сотувга қўйилган, улардан 113таси “ноль” қийматдадир.
Хусусийлаштиришдан келиб тушган маблағ 65.7 млрд сўмни ташкил қилиб, шулардан 14.9 млрд сўми республика бюджетига келиб тушди.