Франциядаги транспорт-сайёҳлик соҳаси 16 ноябрдаги биржадаги савдолар пайтида деярли 3 млрд доллар йўқотди, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги.

Франциянинг бутун дунё бўйлаб меҳмонхоналарга эга Accor сайёҳлик компанияси акциялари STOXX 60 Travel & Leisure index биржасидаги савдолар пайтида 5,1 фоизга, Air France авиакомпанияси акциялари эса 6,5 фоизга тушиб кетди.

Агентлик томонидан кўрилган зиён 2,79 млрд доллар атрофида баҳоланмоқда. Eurostar темир йўл компанияси ҳамда Париж аэропортлари, хусусан Шарль де Голь ва Орли аэропортлари акциялари 4 фоизга пасайиб кетди.

Шу билан бирга Hermes, LVMH ва Kering люкс брендлари 1 фоизга тушиб кетди.

“Агар люкс брендлари ҳақида гапирилса, Париж дунёдаги энг муҳим жойлардан бири ҳисобланади. Бу айниқса ритейлерлар Рождество ва Янги йил арафасида катта умид билдирадиган шопингга салбий таъсир кўрсатади”, деб таъкидламоқдалар экспертлар.

Таҳлилчиларнинг фикрича, Париждаги терактлар сайёҳлик, савдо учун узоқ давом этадиган салбий оқибатларга олиб келади, бироқ бу интернет-савдогарлар учун катта имкониятлар очади.