Агарда аҳолининг камбағал қатламини об-ҳаво катаклизм(фалокат)лари ва сув сатҳининг кўтарилишидан ҳимоя қилиш учун зарур чоралар кўрилмаса, иқлим ўзгаришлари 2030га бориб 100 миллион нафардан зиёд кишини қашшоқлик даражасига келтириб қўяди, дея маълум қилди Жаҳон банки.

Банк ўз ҳисоботида қайд этишича, камбағаллик даражасини тушириш сентябрь ойида БМТ томонидан қабул қилинган 17 вазифадан бири ҳисобланиб, глобал исиш ва унинг аҳоли қашшоқ қатламига таъсирини ҳисобга олмасдан туриб ушбу мақсадга эришиб бўлмайди.

Ҳисоботда ҳарорат кўтарилишини Цельсий бўйича 2 даража атрофида сақлаб туришга йўналтирилган атмосферага чиқарилаётган зарарли газлар ҳажмини камайтириш бўйича улкан режаларни амалга ошириш, шунингдек, аҳолининг камбағал қатламини салбий оқибатларидан ҳимоя қилиш лозимлиги қайд этилади.

“Иқлим ўзгаришлари аҳолининг қашшоқ қатламига энг кўп таъсир кўрсатади. Эндиликда бизнинг вазифамиз – ўн миллионлаб кишиларни иқлим ўзгариши сабабли ўта камбағал ҳолга тушиб қолишидан ҳимоялашдир”, – деди Жаҳон банки раҳбари Жим Йонг Ким.
Банк маълумотига кўра, 2030 йилда яна 100 миллион киши қашшоқлашиб, тараққиёт секин суръатларда кечадиган бўлса, жами 900 миллион одам камбағалликда яшай бошлайди.

2015 йилда эса 702 миллион киши қашшоқликда кун кечирмоқда.
Айниқса, Африка ва Жанубий Осиёдаги уй хўжаликлари иқлим ўзгаришларидан энг кўп азият чекиб, оилалар янада камбағаллашади.
Банк ўз ҳисоботида айни пайтдан 2030 йилгача бўлган даврда иқлим ўзгаришларига қарши кураш соҳасида қўлланиладиган сиёсий чоралар глобал исишга амалий жиҳатдан ҳеч қандай таъсир кўрсата олмайди, шунинг учун тайёргарлик, мослашиш чоралари, одамларни янада тайёрроқ ва чидамлироқ қиладиган кенг кўламли усулларга сармоя киритиш лозимлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.