Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтадиган олимпиада ўйинларида Россия терма жамоасининг иштирок этмаслиги мумкин эмас. Мазкур фикрни Россия спорт вазири Виталий Мутко ТАСС ахборот агентлигига берган интервьюси чоғида маълум қилган.

13 ноябрь куни халқаро енгил атлетика федерацияси (IAAF) кенгаши допинг билан боғлиқ можаролар сабаб Россия федерациясининг допингга қарши курашиш бўйича дастурини ишонарли эмас деб топган ва жамоани вақтинчалик федерация аъзолигидан чиқариб ташлаганди.

«Ҳаммани тинчлантиришни истайман. Ҳаттоки бу борада шубҳа ҳам бўлиши мумкин эмас. Россиясиз Олимпиада бу мусиқасиз тўйга ўхшайди. Бу барча спорт асосларини ўлдиради», - дея таъкидлади Мутко.

«Ҳа, допинг можаролари бўйича бизда иккита йўл мавжуд бўлган: суд қарорига қадар қаттиқ чора кўриш. Яна шунингдек бу аниқ фактга асосланмаган вазият. Аммо Владимир Путин бизга бошқача кўрсатма берган. У можароли йўлни рад этиб, халқаро федерация билан ҳамкорликда иш кўришни таъкидлаган. Биз шу бўйича иш олиб бормоқдамиз. Бизга янги можаролар керак эмас», - дея қўшимча қилди у.

9 ноябрь куни WADA мустақил комиссияси Россия енгил атлетика федерациясининг антидопинг агентлиги фаолияти бўйича бир қанча айбловлар қўйилган ҳисоботни эълон қилганди.