Бирлашган кураш уюшмаси (UWW) раҳбари ва Халқаро Олимпия Қўмитаси аъзоси Ненад Лалович Бутунжаҳон допингга қарши кураш комиссияси (WADA) аъзолигига ўз розилигини берди. Аввал ушбу лавозимни ФИФА раҳбари Йозеф Блаттер эгаллаб турган эди. Бу ҳақда UWW матбуот хизмати хабар тарқатган.

"Мен учун ушбу нуфузли ташкилот билан алоқада бўлиш катта фахр. Ташкилот допингсиз ҳалол курашиш борасида бизнинг спортчилар билан аъло даражадаги тушунтириш ишларини олиб бормоқда. Ишонаманки, бу борада ташкилотга ёрдам беришга қодирман ва ҳамкорликда иш олиб боришни сабрсизлик билан кутяпман”, – деди Лалович.

Эслатиб ўтамиз, 2014 йилнинг сентябрь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Конгрессда Бирлашган кураш усуллари халқаро федерацияси (FILA)ни Бутунжаҳон кураш уюшмаси (UWW)га айлантирилиши тўғрисида қарор қабул қилинган эди.