Қирғизистон ИИВ ходимлари Сурия ва Ироқдаги қуролли можароларда бир қатор террористик гуруҳлар таркибида жанг олиб борадиган одамларни ёллаш билан шуғулланган 19 ёшли республика фуқаросини қўлга олди. Бу ҳақда 16 ноябрь куни маҳкама матбуот хизмати хабар қилди.

“Гумондор шахс Ўш шаҳри (вилоят маркази) ва Ўш вилояти фуқароларини Сурия-Ироқ ҳудудида террористик бирлашмалар таркибида жанг олиб боришга ёллаш ҳамда уларни жўнатиш каналларини аниқлашга қаратилган тезкор қидирув амалиёти жараёнида қўлга олинди”, - дейилади хабарда. Қўлга олинган эркак кишининг исм-шарифи ҳозирча ошкор қилингани йўқ.

“Мазкур шахс ёллаш ишларидан ташқари, можаро ҳудудларига етиб боришгача бўлган молиявий, ҳужжатларни расмийлаштириш ва авиачипталарни сотиб олиш каби ишлар билан ҳам шуғулланган”, - дея тасдиқламоқда ИИВ. Ёлловчи шахснинг уйи тинтув қилинганида, қўлбола портловчи ускуна, ёнувчи моддалар солинган шиша идиш ва тақиқланган диний адабиётлар топилган.

Аввалроқ эса мазкур фуқаронинг қўлбола портловчи ускуна ёрдамида террористик акция ташкил этишга тайёргарлик кўраётгани тўғрисида маълумотлар қўлга киритилган эди.
Қирғиз ҳукумати маълумотларига кўра, Сурия ва Ироқ ҳудудида фаолият кўрсатаётган террористик жиноий тузилмалар таркибида 500 нафарга яқин республика фуқароси ҳаракатланмоқда. Уларнинг 120 нафари аёллардир.