13 ноябрь куни Япония таълим, маданият, спорт, фан ва технологиялар вазирининг ўринбосари Кихеи Маэкава раҳбарлигидаги делегация Ўзбекистонга ташрифи доирасида Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтида Ўзбекистон ва Япония университетлари ректорларининг конференцияси бўлиб ўтди.

Kun.uz икки мамлакат олий таълим муассасалари раҳбарлари, профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлар иштирокидаги мазкур анжуманни фотолавҳалар орқали батафсил ёритилади.

Сингапур менежментни ривожлантириш институти ректори Жасур Салиҳов конференцияни кириш сўзи билан очиб берар экан, Япония олий таълим муассасалари вакилларини ташриф билан қутлаб, бу каби йирик халқаро анжуманларни ўтказиш ҳар қандай олий ўқув юрти учун катта шараф эканлигини алоҳида таъкидлади.

Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта-махсус таълим вазири Алишер Вахабов, Япония таълим, маданият, спорт, фан ва технологиялар вазирининг ўринбосари Кихеи Маэкава, Япониянинг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Фумихико Като ҳамда Нагоя университети ректори Сеиичи Мацуо ҳам икки давлат ўртасида бир қатор соҳаларда қўйилган кўп йиллик ҳамкорликни эътироф этган ҳолда табрик нутқларини сўзлади.

Тадбирда Олий таълим муассасалари бош бошқармаси раҳбари Иномжон Мажидов томонидан "Ўзбекистонда кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлашнинг ҳамда ўқитувчи-профессорлар таркиби малакасини ошириш тизимининг ўзига хос хусусиятлари" мавзусида маъруза қилинди.

Япония таълим, маданият, спорт, фан ва технологиялар вазирлиги, халқаро режалаштириш бошқармаси директори Хидето Мацумото эса "Японияда олий таълим тизимини байналминаллаштириш" мавзусида чиқиш қилди.

Маросим сўнггида Ўзбекистон ва Япониянинг бир қатор олий ўқув юртлари ўртасида ҳамкорлик ва кадрлар алмашинуви бўйича меморандумлар имзоланди.

Секциялар йиғилиши давомида мамлакатларнинг университет ва институтлари ўз тизимида таркиб топган бўлимлар, факультетлар ва илмий фаолият бўйича тақдимотларни намойиш этди. Ҳар бир тақдимотга ажратилган 10 дақиқадан сўнг иштирокчилар қисқа савол-жавоб билан мулоқот олиб боришди.

Ҳар иккала секциянинг биринчи қисмида Япония олий ўқув юртлари ўз тақдимотларини ўтказган бўлишса, куннинг иккинчи ярмида юртимиз таълим муассасаларининг вакиллари ўз фаолиятлари бўйича маълумот бериш учун минбарга чиқишди.

Халқаро даражадаги анжуман якунида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта-махсус таълим вазири ўринбосари Ботир Усмонов "Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги таълим, илмий ва инновацион ҳамкорликнинг истиқболлари" бўйича маъруза қилган бўлса, Цукуба университети вице-президенти Бентон Каролин Ферн ўз нутқи билан тадбирни якунлаб берди.