Сурияда иттифоқчилар томонидан қамал қилиб турилган Ҳалаб шаҳридан чиқиб, аёллар кийимини кийган ҳолда қочиб кетишга уринган ИШИДнинг ўнлаб жангарилари қўлга тушди. Бу ҳақда Эроннинг Фарс ахборот агентлиги хабар тарқатган.

Жангарилар кийимдан ташқари аёлларнинг пардоз маҳсулотларидан фойдаланишган ва юзларига упа-элик суртишган. Исбот сифатида агентлик икки жангарининг шу алфоздаги суратларини намойиш қилган.

Хабарда айтилишича, кейинги кунлар давомида Сурия армияси ва кўнгиллилар ИШИД назорати остида бўлган катта майдонни, жумладан, Ҳалаб яқинидаги 410 километрлик масофадаги ҳудудни озод қилган.

10 ноябрь куни Сурия армияси коалиция самолётлари ёрдамида ИШИДнинг Ҳалаб яқинидаги Кувейрис аэродромини эгаллаганди. Шунингдек, ИШИД ўтган ҳафтада Синжар ва Ҳавл шаҳарларини қўлдан чиқарди.