Тожикистоннинг тоғли дарасида 300 метр пастликдаги жарга қулаб тушган микроавтобус ичида бўлган 2 ёшли қизча тирик қолди. Бу ҳақда Тожикистон телеграф агентлиги хабар тарқатган.

Мамлакат ИИВ маълумотларига кўра, ушбу аварияга тош кўчкиси сабаб бўлган, микроавтобусга тош келиб урилиши туфайли, у жарликка қулаган. Ҳалокатга йўлиққан бу транспорт воситаси Хўжанд-Душанбе йўлида ҳаракатланаётганди.

Бироз олдинроқ, бу ЙТҲ оқибатида 4 киши ҳалок бўлгани хабар қилинганди.

Шунга ўхшаш ҳодиса шу йилнинг август ойида рўй берганди. Ўшанда мамлакат жануби-шарқидаги автотрассада ҳаракатланаётган автомашинага ҳарсангтош келиб урилиши туфайли у Панж дарёсига қулаган ва натижада ундаги барча инсонлар (5 киши) ҳалок бўлганди.