Ўзбекистоннинг Тошкент вилоятидаги “Чирчиқ” кичик саноат ҳудудида 7 та инвестицион лойиҳа амалга оширилди. Бу ҳақда маълумот Тошкент вилоятида ўтган IX Халқаро саноат ярмаркаси ва кооперацион биржасидаги тақдимотда айтилди.

Хусусан, “Yasin Group” МЧЖда қуёшдан сув иситувчи тизимлар ишлаб чиқариш, “Energy Progress Metal” МЧЖда газ, нефть ва кимё саноати учун технологик қурилмалар тайёрлаш, “Polius Energo System” МЧЖда мебель ва иситиш қозонлари ва бошқалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

“Чирчиқ” кичик саноат ҳудуди 10 гектардан кўпроқ майдонни эгаллайди. Бу ерда давлат унитар корхонаси шаклидаги бошқариш дирекцияси ташкил этилган. Бу дирекция саноат ҳудуди иштирокчилари билан лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувлар ва ишлаб чиқариш майдонларини узоқ муддатга ижарага олиш бўйича шартномалар тузади, улар томонидан олинган мажбуриятларнинг бажарилишини мониторинг килади.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 31 декабрдаги қарори билан Ўзбекистондаги кичик саноат ҳудудлари давлат ихтиёридаги ишлатилмаётган ҳудудлар ва ишлаб чиқариш майдонлари негизида яратилмоқда.

Ишлаб чиқариш майдонлари тадбиркорлик субъектларига узоқ муддатли ижарага давлат кўчмас мулкидан фойдаланиш учун минимал ижара ҳақи, ижарага олинган майдонда амалга ошириладиган фаолият туридан келиб чиқиб, тегишли коэффициентларни қўлламаган ҳолда тақдим этилади.