Толибон ташкилоти аъзолари ҳисобланган 20 нафар жангари Афғонистон шимоли-ғарбидаги Сарипул вилояти, Ширамхо тумани ҳудудида ҳукумат ҳарбий кучлари томонидан ўтказилган ҳарбий амалиёт натижасида ўлдирилди. Шунингдек, 30 нафардан ортиқ жангари жароҳат олган.

Вилоят полицияси бошлиғи Муҳаммад Боқизўйнинг журналистларга маълум қилишича, ўтказилган ҳарбий амалиётда катта талофат кўрган жангарилар Ширамхо туманидаги марраларини тарк этиб, Сари-Тахта қишлоғини ташлаб чиқишган.

Унинг маълумотига кўра, ушбу тўқнашувда ҳукумат ҳарбийларидан 2 нафари ҳалок бўлган ва 2 полициячи жароҳатланган. У ҳарбий бошлиқлардан бири жангарилар қўлига асир тушгани ҳақидаги маълумотни инкор қилган. Унинг тан олишича, жанг вақтида армиянинг битта танки йўқотилган.

Шунингдек, жангарилар томонида бўлган дала қўмондони Қори Муҳаммад 22 нафар аскари билан таслим бўлгани ҳамда 300 оила истиқомат қиладиган қишлоқ озод этилгани таъкидлаб ўтилган.

Ўз навбатида толибонлар бу жанг натижасида ҳукумат кучларининг камида 15 нафар жангчиси ҳалок бўлгани, уларга тегишли қурол ва ўқ-дорилар ўлжа олингани ҳақида хабар тарқатган.