АҚШ ҳарбийларининг Париж шаҳрига рухсатсиз бориши тақиқланди. Бу ҳақдаги қарор АҚШ Ҳарбий қуролли кучларининг Европа бўлинмаси расмий сайтида жойлаштирилган.

Ҳужжатда қайд этилишича, нафақат Париж, балки бу шаҳар атрофидаги 50 километрлик масофада АҚШ ҳарбийларининг ҳаракатланиши тақиқланади.

Ҳарбийлар фақат раҳбарият буйруғи билангина бу ҳудудларга кириши мумкин бўлади.

Уларга Франциянинг бошқа шаҳарларига ҳам хусусий ташрифлар уюштириш тақиқланган.
Бу қарор ҳарбийларнинг оила аъзоларига ҳам тегишлилиги таъкидланган.

Қарорда айтилишича, бунга Парижда юз берган терактлар сабаб бўлди.

Эслатиб ўтамиз, 14 ноябрга ўтар кечаси Париж шаҳридаги "Стад де Франс" стадиони олдида портлаш содир этилди. Жангарилар шу вақтда шаҳарнинг бошқа нуқталарида 6та теракт содир этилди. Хусусан, "Батаклан" театрида ташриф буюрувчилар қирғин қилинди, Сена бўйидаги Le Carillon ҳамда Le Petit Cambodge ресторанларидаги хўрандалар ўққа тутилди.

Охирги маълумотларга кўра, бу терактлар туфайли 129 киши ҳалок бўлган ва 352 киши жароҳатланган.

Терактлар учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олган.

Айни вақтда Францияда 3 ой муддатга фавқулодда тартиб ўрнатилган.