Андижон вилоят жиноий ишлар суди акциядорлик тижорат банки “Қишлоқ қурилиш банки” ва давлат тижорат банки “Халқ банки” филиалларининг собиқ раҳбарларига нисбатан порахўрлик айби бўйича узоқ йиллик озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида қарор чиқарди.

12news.uz хабарига кўра, “Қишлоқ қурилиш банки”нинг Андижон вилояти филиалини бошқарган Х.Ахмадалиев ва “Халқ банки” вилоят филиали бошқарувчиси Р.Сайдалиев аҳолига тиббий ва хўжалик хизматларини кўрсатиб келаётган “Субҳидам ғунчаси” МЧЖ директоридан юқорида айтиб ўтилган банкларда томонидан кредит маблағлари ажратиб бериши учун йириқ миқдорда пул маблағларини пора сифатида талаб қилган.

МЧЖ директори ўз раҳбарлиги остидаги муассаса фаолиятини кенгайтириш мақсадида “Қишлоқ қурилиш банки”нинг Андижон вилояти филиалига 950 миллион сўм миқдорида кредит ажратишларини сўраб мурожаат қилган. Филиал раҳбари Х.Ахмадалиев эса кредит ажратиш бўйича талабининг қондирилиши учун 5000 АҚШ доллари сўраган. МЧЖни кредит шартлари ҳисобига молиялаштириш жараёнида банк бошқарувчиси яна 70 миллион сўм талаб қилган. Тадбиркор бошлаб қўйган ишини якунига етказиш мақсадида талаб қилинган пулнинг ярмини беришга мажбур бўлган.

Бунинг ортидан “Халқ банки” филиалига 2 миллиард сўм миқдорида кредит ажратишларини сўраган тадбиркор бу ерда ҳам банкирларнинг очкўзлигига дуч келган. Банк бошқарувчиси Р.Сайдалиев мижоздан дастлаб 3000 АҚШ доллари, кредитни расмийлаштиришда эса қўшимча равишда 10 минг, кейинроқ яна 9 минг доллар талаб қилган. Бошқарувчи “иштаҳаси”ни қондириш якунда тадбиркор учун 22 минг АҚШ долларига тушган. Буларга қўшимча ўлароқ банк операциялари бўлими бошлиғи Ш.Мамадалимовга 2 минг, банкнинг Куйганёр бўлими раҳбари Ш.Рустамовга 2300 доллар беришга тўғри келади.