Европадаги ОАВлар хатолик туфайли канадалик суратини Париж теракти ижрочиларидан бири сурати сифатида тарқатишди

Жамият 17 Ноябрь 2015 4492

Канадалик Вирендер Жуббал хатолик туфайли Европанинг йирик ОАВлари ўқувчиларига Париждаги теракт ижрочиларидан бири сифатида таништирилди. Бунга унинг селфиларидан бири фотомонтаж қилиниб, твиттер орқали тарқатилгани сабаб бўлган. Бу ҳақда Mashable хабар тарқатган.

Бу суратда у террорчи-ҳудкуш жилети кийган ва қўлида Қуръон тутган ҳолда намоён бўлади. Унинг ўзи томонидан 4 август куни твиттерга қўйилган оригинал суратда эса у қўлида iPad планшети тутган ҳолатда туради, танасида эса портловчи ускунаси бор нимча йўқ.

14 ноябрь куни ўз сурати Парижда оммавий қотилликлар амалга оширган террорчилардан бирининг сурати сифатида тарқалаётганидан хабар топган Вирендер Жуббал ҳақиқатни аён этган ва оригинал расмни келтириб, ўзининг асли келиб чиқиши Ҳиндистондаги сингҳлардан экани, мусулмон эмаслиги, ҳозирда Канадада яшаши ва ҳеч қачон Парижга бормаганини айтган.

Лекин Европадаги бир қатор нашрлар (хусусан La Razon, Sky TG24) унинг қайта таҳрирланган суратларини ўз муқоваларида нашр қилиб юборишди.

15 ноябрь куни Жуббалнинг фотосуратини Испаниянинг энг катта газетаси — La Razon ўз муқовасига жойлаштирди.

Худди шу куни бу сурат Италиянинг Sky TG24 канали сайтида ҳам пайдо бўлди.

Жуббалнинг фотосуратини ким таҳрирлагани аниқ эмас. Бироқ жабрланувчининг ўзи тахмин қилишича, бу 2014 йилда оммалашган GamerGate ҳаракатини танқид қилгани учун ҳаракат фаоллари томонидан олинган қасос бўлди. У ўзини безор қилаётган геймерларни «ахлатдан бошқа нарса эмас» деб атаган. У ўзини феминист деб ҳисоблашини билдирган.

Жуббал интернет фойдаланувчиларининг кенг қўллаб-қувватлашида бўлди. Фойдаланувчиларнинг қайд этишича, бу каби таҳрирланган фотолар Жуббалнинг ҳаётини хавф остида қолдиради. Фойдаланувчиларнинг фикрича, суратларни текширмасдан чоп этган ОАВлар ҳам бу ҳолатга жавобгар ҳисобланади.

Кўпроқ янгиликлар