Франция Ҳарбий ҳаво кучларига тегишли самолётлар Суриянинг Роққа шаҳрида ИШИД нуқталарига зарба берди. Бу ҳақда Франция армиясидаги манбаларига асосланган ҳолда Франс Пресс нашри хабар тарқатган.

"Иккинчи куни армия "Даиш" (ИШИДнинг арабча номланиши - кун.уз изоҳи) ташкилотининг Роққа шаҳридаги базаларига ҳаво зарбалари берди. Натижада бошқарув маркази ҳамда жангариларни тайёрлаш марказлари йўқ қилинди", дейилади агентлик хабарида.

Қайд этиш керакки, Роққа шаҳри ИШИДнинг Сурия ҳудудидаги маркази ҳисобланади.

Франция самолётлари 16 ноябрь кунига ўтар кечаси ҳам ИШИД нуқталарига зарбалар йўллади. Бу амалиётлар 13 ноябрь оқшомида ИШИД томонидан Парижда содир этилган терактларга жавобан амалга оширилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 14 ноябрга ўтар кечаси Париж шаҳридаги "Стад де Франс" стадиони олдида портлаш содир этилди. Жангарилар шу вақтда шаҳарнинг бошқа нуқталарида 6та теракт содир этилди. Хусусан, "Батаклан" театрида ташриф буюрувчилар қирғин қилинди, Сена бўйидаги Le Carillon ҳамда Le Petit Cambodge ресторанларидаги хўрандалар ўққа тутилди.

Охирги маълумотларга кўра, бу терактлар туфайли 129 киши ҳалок бўлган ва 352 киши жароҳатланган.

Терактлар учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олган.

Айни вақтда Францияда 3 ой муддатга фавқулодда тартиб ўрнатилган.