Ғарб етакчилари Сурияда тинчлик ўрнатиш йўли Москва орқали ўтишини тан олишга мажбур бўлишди, шу боис охирги 12 ой мобайнида Россия президенти Владимир Путин “дипломатик бегона”дан мавжуд муаммолар ечимини тақдим эта оладиган кишига айланди, деб ёзади Financial Times нашри.

Айтилишича, Ғарб Путиндан воз кеча олмаслигини тушунди, шу боис унинг террорчиликка қарши кучларни бирлаштириш борасидаги чақириқлари ортиқ жавобсиз қолмайди. Шу билан бирга, мақола муаллифининг фикрича, ҳар икки томоннинг сўзлари ва амаллари ўртасида жиддий тафовут юзага келиши мумкин, негаки Башар Асад тақдири ҳозиргача ҳал қилинган эмас.

Айни пайтда АҚШ президенти Барак Обама Россиянинг бу хатти-ҳаракатларига кўмак берай демаяпти. Обама Россия билан муносабатларда бироз ўзгариш содир бўлганини айтганига қарамай, Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмерон Кремль ва Оқ Уй ўртасидаги муносабатлар ҳамон совуқлигини тан олди.