Париждаги терактлардан сўнг 3 кун ўтиб, 129 кишининг ҳаётини олиб кетган қўпорувчилик актларини ким амалга оширгани ҳақида маълумотлар пайдо бўла бошлади.

Душанба куни журналистлар терактларда бевосита иштирок этган 7 террорчидан 5 нафари, шунингдек, актларни тайёрлашда иштирок этган яна 2 киши ҳақида маълумотларга эга бўлди.

Улардан бири, 29 ёшли Умар Исмоил Мустафай Франция фуқароси бўлиб, Париж четида туғилган. У аслан жазоирликдир. Болалигиданоқ содир этилган майда жиноятлари учун 8 марта судланган.

2013 йили Мустафай Сурияга бориб, у ерда бир неча ой мобайнида тайёргарлик ўтаган ва Францияга қайтган. The Guardian нашрига кўра, Туркия махсус хизматлари бу йигитга эътибор қаратишни франциялик ҳамкасбларига икки марта тавсия қилган, лекин Франция махсус хизматлари ҳеч қандай чоралар кўрмаган.

13 ноябрь кечаси Мустафай бошқа террорчилар билан биргаликда қора Volkswagen Polo машинасида Париж марказига келиб, “Батаклан” концерт залидаги қирғинда қатнашди, сўнг ўзини портлатиб юборди. Мустафай бармоқ изларига кўра танилди.

31 ёшли Иброҳим Абдусалом ҳам Франция фуқароси бўлиб, Брюсселда истиқомат қилиб келган. У ҳам Сурияда бўлган. Абдусалом ўзини “Батаклан”га яқин жойлашган Вольтер хиёбонидаги кафеда портлатиб юборди. Иброҳим Абдусаломнинг 26 яшар укаси Салоҳ Абдусалом ҳам “Батаклан” ҳужумчилари қаторида эди. Таъкидланишича, у, акасидан фарқли равишда, ўта радикал фикрламаган ва балки акаси уни ҳаракатга куч билан мажбур қилган бўлиши мумкин.

“Стад де Франс” яқинида ўзини портлатиб юборган шахс ёнидан эса Сурия паспорти топилди. Идлибда туғилган 25 ёшли экстремистнинг исми, паспортга кўра, Аҳмад ал-Муҳаммаддир. У Европага суриялик қочқинлар қаторида келгани аниқлаштирилди.
Ячейканинг яна бир аъзоси – 28 ёшли Сами Амамур ҳам Париж четида дунёга келган. У ҳам “Батаклан”да ўзини ҳавога учирган.

“Стад де Франс”даги қўпорувчиликда иштирок этган 20 ёшли Билол Ҳадфий ҳақида ҳам ҳеч нарса маълум эмас.

Ниҳоят, номи маълум бўлган яна бир террорчи – Абдулҳамид Абауд қўпорувчилик ҳаракатларида бевосита иштирок этмаган, аммо бошқаларни мафкуравий йўналтириб турган. Айнан у Париж терактларининг идеологи деб аталмоқда.

27 ёшли Бельгия фуқароси Абауд аслан марокашликдир. Айни пайтда у Сурияда эканлиги тахмин қилинмоқда. У ИШИДнинг Бельгия ячейкасига бошчилик қилиб, терактларни амалга оширишга бошчилик қилгани айтилмоқда.

Элдор Асанов тайёрлади