АҚШ Давлат котиби Жон Керри 16 ноябрь куни кечаси Парижга учиб келди. Режадан ташқари ташрифи аввалида у АҚШнинг Париждаги элчихонаси (элчихона биноси Франция байроқларига бурканган) олдида нутқ сўзлади ва Париж теракти қурбонларининг яқинларига ҳамдардлик билдирди.

"Биз ИШИДни енгамиз. Уни қўллаб-қувватлаётган барчани аниқлаймиз", дейди Керри.

У ўз нутқида ИШИДни яна бир қоралаб ўтган ва бу ташкилот ўз ҳаракатлари билан (хусусан, Париждаги теракт) шу ой охирида бошланиши керак бўлган Иқлимий исиш конференцияси ўтказилишига тўсиқ бўла олмаслигини айтиб ўтган.

"Биз ўз режаларимизни ўзгартирмаймиз. Парижда ноябрь ойининг охирида Глобал исиш муаммосига бағишланган БМТ саммити бошланади. Унда АҚШ президенти Барак Обама иштирок этади", дейди Керри.

17 ноябрь куни Керри Франция президенти Франсуа Олланд ҳамда мамлакат ТИВ раҳбари Лоран Фабиус билан учрашув ўтказишни режалаштирган.

АҚШ Давлат котиби хавфсизлик нуқтаи назаридан Парижда теракт қурбонлари хотирасини ёд этиш ва улар ҳурмати учун гуллар қўйилаётган майдонга ташриф буюрмаслиги айтилган.