Ўзбекистоннинг белбоғли кураш бўйича терма жамоаси 17 ноябрь куни Россиянинг Қозон шаҳрига, у ерда ўтадиган XIII жаҳон чемпионатида иштирок этишга йўл олди.
Чемпионат 19-21 ноябрь кунлари бўлиб ўтади. Ўзбекистон делегацияси таркибига кирган 15 спортчи ва мураббийдан 2 нафари – халқаро А ва Б категорияларига эга Неъматжон Тўйчиев ва Шавкат Мирзақуловлар мусобақада ҳакамлар сифатида иштирок этишади.

“Ўзбек миллий спорт тури бўлмиш белбоғли кураш борган сайин кенгроқ халқаро эътирофга сабаб бўлмоқда, - деди белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастиров “Туркистон-пресс” агентлигига берган интервьюсида. – Спортнинг бу турида халқаро биринчиликлар ва учрашувлар ўтказилмоқда.

Ўзбекистон терма жамоаси Россияда мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилиш учун жиддий тайёргарлик кўрди. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан кўрсатилган ёрдамни алоҳида қайд қилиб ўтмоқчи эдим. Умид қиламанки, ўзбекистонлик спортчилар ушбу жаҳон биринчилигида муносиб натижалар кўрсатади”.