Суриялик қочқин Европага кўчиб ўтишга кетган харажатларни қоплаш учун буйрагини сотишга мажбур бўлди. Бу ҳақда сербиялик гуманитар ишчининг сўзларига таянган ҳолда Metro нашри хабар бермоқда.

Нашрнинг маълум қилишича, орган Ливанда ўтказилган хавфли бир норасмий муолажа чоғида олинган. Эркак 20 кун бу мамлакатда тегишли тиббий ёрдамсиз қолган, сўнг уни Сербиянинг инсон савдосига қарши кураш ташкилоти топиб олган.

“У йўлкира пулини ишлаш учун буйрагини сотиб юборган. Унинг сўзларига қараганда, оғриқ сезилган, муаммолари бўлган, шу боис биз аралашиб, унга тиббий ёрдам тақдим этдик. Суҳбат чоғида у бизга ўз ҳикоясини сўзлаб берди”, - деди гуманитар ишчи Насер Амро.
Шунга қарамай, у омон қолган. Муҳожирга даволаниш таклиф қилинган, лекин у оғриқсизлантирувчи қабул қилиб, сафарини давом эттиришни маъқул кўрган.