Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг таклифига биноан Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Муҳаммад Навоз Шариф 17 ноябрь куни расмий ташриф билан мамлакатимизга келди.

Кўксарой қароргоҳида Покистон Ислом Республикаси Бош вазирини расмий кутиб олиш маросими бўлди.

Ислом Каримов ва Навоз Шариф учрашувида асосий эътибор мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш масалаларига қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси ва Покистон Ислом Республикаси ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йил 10 майда ўрнатилган. Турли даражадаги сиёсий мулоқотлар мунтазамлик касб этган. Бу ҳамкорликни изчил ривожлантириш, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар бўйича ёндашувларни мувофиқлаштириб бориш имконини бермоқда.

Ўзбекистоннинг улкан иқтисодий салоҳияти, геостратегик ўрни, ривожланган инфратузилмаси Покистон учун муҳим аҳамиятга эга. Покистон минтақавий хавфсизликни таъминлашдаги ўрни, денгиз портларига чиқиш имконияти, йирик бозори билан Ўзбекистон учун истиқболлидир.

Икки мамлакат халқаро майдонда бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Шу йил июль ойида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Уфа шаҳрида бўлиб ўтган саммитида Покистонни ШҲТга қабул қилиш жараёнини бошлаш бўйича қарор имзоланди. Бу мамлакатларимизнинг ўзаро ва кўп томонлама ҳамкорлигини ривожлантиришда яна бир муҳим омил бўлади.

Ўзбекистон ва Покистон Афғонистоннинг яқин қўшнилари сифатида бу мамлакатда тинчлик ўрнатилиши ва барқарорлик таъминланишидан манфаатдор. Бу мамлакатларимиз ўртасида тўғридан-тўғри транспорт тармоқларини барпо этиш, савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш учун имконият яратади.

Ислом Каримов ва Навоз Шариф ўзаро ҳамкорлик ривожига бевосита дахлдор бўлган мазкур масалага алоҳида эътибор қаратдилар. Афғонистон муаммосини фақат бир йўл – БМТ шафелигида тинч сиёсий музокаралар ўтказиш ва ўзаро курашаётган томонларни муросага келтириш орқалигина ҳал этиш мумкинлиги ҳақида якдил фикр билдирилди. Минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, терроризм, экстремизм, наркотрафик каби таҳдидларга қарши курашиш борасидаги ҳамкорликка доир масалалар муҳокама қилинди.

Музокарада савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Мамлакатларимиз ўртасида турли соҳаларга оид 42 ҳужжат имзоланган. Савдо-иқтисодий ҳамкорлик, ўзаро инвестицияларни рағбатлантириш ва капитал қўйилмаларни ҳимоя қилиш, даромадларнинг икки томонлама солиққа тортилишига йўл қўймаслик ҳамда даромад солиқларини тўлашдан бош тортишни бартараф қилишга оид битимлар савдо-иқтисодий алоқалар ривожига хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Покистонга пахта толаси, кўнчилик хомашёси, транспорт ва туризм хизматлари экспорт қилади. Покистон мамлакатимизга дори воситалари, кимё ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб беради, транспорт хизмати кўрсатади.

Мамлакатимизда Покистон капитали иштирокида 57 корхона ташкил этилган. Улар савдо, тўқимачилик, кўнчилик, озиқ-овқат, қоғоз ишлаб чиқариш, транспорт ва туризм соҳаларида фаолият юритмоқда. Яқинда Тошкентда бўлиб ўтган Халқаро инвестициявий форумда покистонлик ишбилармонлар фаол қатнашди.

Музокарада ўзаро товар айланмаси Ўзбекистон билан Покистоннинг иқтисодий салоҳияти ва кенг имкониятлари даражасида эмаслиги таъкидланди. Фойдаланилмаётган ресурсларни ишга солиш, савдо айланмаси ҳажмини ошириш ва диверсификациялаш масалалари муҳокама қилинди. Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Покистон ҳукуматлараро комиссияси ишини фаоллаштириш, унинг мажлисларини мунтазам ўтказишга келишиб олинди.

Томонлар Ўзбекистон билан Покистон ўртасидаги ҳамкорлик ривожи нафақат мамлакатларимизнинг узоқ истиқболли манфаатларига хизмат қилиши, балки бутун минтақада хавфсизликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, коммуникация ва гуманитар алоқаларни ривожлантиришга ижобий таъсир этишини алоҳида таъкидладилар.

Музокаралар якунида Ислом Каримов ва Навоз Шариф Ўзбекистон Республикаси билан Покистон Ислом Республикаси ўртасидаги Қўшма декларацияни имзоладилар. Шунингдек, ўзаро савдо муносабатларини ривожлантириш, солиқ соҳасида қўшимча имтиёзлар яратиш, ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга доир қатор ҳужжатлар имзоланди.

Покистон Ислом Республикасининг Бош вазири Муҳаммад Навоз Шарифнинг мамлакатимизга расмий ташрифи давом этмоқда.