Айни пайтда ўзбекистонлик қандолатчилар маҳсулотларини қадоқлаш ва ўрашда (упаковкалашда) қийинчиликларга дуч келишмоқда, деб айтди яқинда бўлиб ўтган соҳа вакиллари матбуот-анжуманида Ўзбекистон озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси вакили.

Унинг айтишича, юртимизда ишлаб чиқарилаётган қандолатчилик маҳсулотлари турли-туманлигига қарамасдан, дўкон ва супермаркетларда уларни оз миқдорда учратиш мумкин. Савдо нуқталари асосан хорижий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларини таклиф қилишмоқда. Бу ҳолат маҳаллий қандолатчиларда ўраш материаллари билан муаммолар борлиги билан боғлиқ ва шунинг учун уларнинг маҳсулотлари истеъмолчиларга тўлақонли етиб бормаяпти. Юртимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар хорижда катта талабга эга бўлиб, асосан қўшни давлатларга экспорт қилинмоқда ва у ерда қадоқлаб, ўралмоқда.

“Бу муаммони ҳал қилиш учун биз Ўзбекистондаги барча ҳудудий ваколатхоналаримизни жалб қилдик. Улардан ҳар бири бизнинг қандолатчиларга ўз маҳсулотларини бозорга қўзга ташланувчи ёрқин ўрамларда чиқаришга ёрдам бериш мақсадида жойларда қадоқлаш ва ўраш линиялари ишлаб чиқарувчиларининг тижорий таклифларини билиб, ўрганмоқдалар”, деб айтди уюшма вакили.

Шу тариқа, қандолатчилик соҳасида фаолият юритувчи кичик бизнес корхоналари арзон хитой қурилмаларидан бошлаб энг қимматбаҳо немис технологияларигача тақдим қилувчи етказиб берувчилардан энг мақбул таклифларни олишлари мумкин бўлади.

2015 йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон озиқ-оқват саноати маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши ҳажми 10 млрд сўмдан ошиб кетди. Улардан 3,2 млрд сўмлик маҳсулотлар айнан Ўзбекистон озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмасига кирувчи корхоналар улушига тўғри келди.