Россия президенти Владимир Путин А321 самолёти бортида теракт содир этилгани ўз тасдиғини топгани манзарасида Суриядаги террористлар позицияларига зарбалар бериш зарур, деб ҳисоблайди, дея хабар бермоқда РИА “Новости”.

“Авиациямизнинг Суриядаги жанговар фаолияти шунчаки давом этмаслиги керак. У шундай бўлиши керакки, жиноятчилар қочиш имкони йўқлигини тушуниб етишлари керак”, - деди Путин. У ишлар қандай кечаётганини шахсан назорат қилишини қўшиб қўйди.

Эслатиб ўтамиз, 2015 йилнинг 31 октябрь куни Россиянинг "Когалимавиа" авиакомпаниясига тегишли Airbus-321 лайнери парвозга кўтарилгандан 23 дақиқа ўтиб ҳалокатга учраган эди. Мазкур самолёт бортидаги 217 нафар йўловчи ва етти нафар экипаж аъзосининг барчаси ҳалок бўлди.

Яқиндагина ФХХ мазкур фалокатга теракт сабаб бўлганини тасдиқлаб, ушбу жиноятга алоқадор шахслар ҳақида маълумот тақдим этганларга 50 миллион доллар миқдорида пул мукофоти берилишини эълон қилди. Россия президенти Владимир Путин эса террористларни сайёранинг ҳар қандай нуқтасидан бўлса ҳам топиб, жазолашга ваъда берди.