Қирғизистон меҳнат ва ижтимоий ривожланиш вазири Қудайберген Базарбаев БМТнинг иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича департаменти ижтимоий сиёсат ва ривожланиш бўлими бошлиғи Олег Серёжин билан қариш бўйича миллий дастур ишлаб чиқиш масаласини муҳокама қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизматига таянган ҳолда Қирғизистон телеграф агентлиги хабар бермоқда.

“Бугун дунёда иккита долзарб мавзу бор – қариш ва имкониятлари чекланган шахслар. Одамлар узоқроқ яшай бошлади, ҳаёт сифати – меҳнат шартлари, дам олиш шартлари ҳам ўзгарди. Қариш айниқса демографик ўсиш кузатилмаётган кўп давлатлар учун чинакам таҳдидга айланди”, - таъкидлади Серёжин.

Вазирнинг сўзларига қараганда, дастурни ишлаб чиқиш мақсадида идоралараро комиссия яратилган. Улар тез кунда БМТдаги ҳамкасблари кўмагида иш бошлайди.