Apple компанияси раҳбари Тим Кук Independent нашрига берган интервьюси чоғида компания MacBook ва iPad қурилмаларини бирлаштириб гибрид девайс яратиш ниятида эмаслигини билдирган.

Унинг фикрича, истеъмолчилар учун бунинг зарурати йўқ.

«Биз мижозларимиз учун Mac ва iPad`нинг бирлаштирилган талқини аслида керак эмаслигига амин бўлдик», — дея гапириб ўтган Кук. Бундан ташқари, унинг қайд этишича, Apple дунёдаги энг яхши планшет ва энг яхши Mac яратишни хоҳлайди. Бироқ уларнинг иккаласини бирлаштирган ҳолда бундай натижага эришиб бўлмайди.

Шунингдек, Тим Кук компаниянинг электрокарлар ишлаб чиқариш йўналишидаги фаолиятига ҳам изоҳ бериб ўтди: «Ўйлашимча, яқин бир неча йил ичида автомобил ишлаб чиқариш саноатида электрлаштириш ва автобошқарув каби бир қатор ўзгаришлар қайд этилади. Бундай вазиятда фойдаланувчининг интерфейсига алоҳида эътибор қаратиш лозим бўлади. Шундай экан бу борада мен кўплаб ўзгаришлар бўлади деб ўйлайман».

Олдинроқ, Тим Кук iPad Pro жуда кўпчилик учун ноутбук ва компьютер ўрнини босаётганини таъкидлаб ўтганди.