Уфа шаҳрида (Россия таркибидаги Бошқирдистон республикаси маркази) Миллий ва этник кинолар бўйича Иккинчи Халқаро фестивал («Серебряный Акбузат») доирасида ўзбек киноси куни ўтказилади.

ШҲТ БРИКС «Уфа-2015» Офис гуруҳи маълумотига кўра, 9-12 декабрь кунларида бўлиб ўтадиган бу фестивал дунё халқларининг кинематография санъати ва маданий қадриятларини тарғиб этишга қаратилган.

Ушбу фестивалда қатнашиш истаги бўйича дунёнинг турли кинематографлари томонидан 258та мурожаат келиб тушган. Натижада фестивалда Россия, Арманистон, Кирғизистон, Тожикистон, Ҳиндистон, Латвия, Бангладеш, Эрон, Озарбайжон, Миср ва Эстония давлатлари вакилари томонидан ишланган 25та фильм иштирок этиши аниқланган.

Кинофестивал доирасида танловдан ташқари Ўзбек киноси куни, Қирғиз киноси куни ва Ҳинд киноси куни ўтказилиши белгиланган.