2 нафар голландиялик тиббиёт ходимлари қиёфасида 1,6 млрд фунтлик наркотик ташиётганида қўлга тушди

Жамият 18 Ноябрь 2015 1565

Тез тиббий ёрдам учун ишлатиладиган машина кўринишидаги сохта автомобил ёрдамида икки нафар голландиялик Буюк Британия ҳудудига 1,6 млрд фунтлик героин ва кокаин моддаларини олиб кирмоқчи бўлган, дея хабар бермоқда The Guardian.

Бирмингем суди берган маълумотга кўра, жиноятчилар тиббиёт ходимлари кийимида бўлган. Ҳаттоки барчаси ишончли чиқиши учун улар сохта бемордан ҳам фойдаланишган. Қайд қилинишича, бу икки жиноятчи мамлакат ҳудудига катта миқдорда гиёҳванд моддаларни олиб киришга уринган уюшган жиноят гуруҳи вакилларидан бўлишган.

Голландияликлар қўлга олинганидан кейин машина текширилганда унинг том қисмидан 38 млн евролик гиёҳванд моддалар топилган. Автомобилнинг орқа қисмидан А классдаги наркотик моддалар борлиги аниқланган. Ҳарбийлар шунингдек 60 мингта таблеткаларни қўлга киритишган.

Судда прокурор томонидан берилган маълумотга кўра, мазкур сохта машина ёрдамида жиноятчилар бир йилдан ортиқроқ вақт мобайнида ташрифларни амалга ошириб келишган. Сўнгги 14 ой ичида наркотик сотувчилар 45 маротаба Британия ҳудудига юк олиб ўтишга муваффақ бўлишган.

Жиноятчилардан бири ўз айбини тан олишни истамаяпти ва машина бортида гиёҳванд моддалар борлигини билмаслигини таъкидламоқда.

Кўпроқ янгиликлар