Ўзбекистон қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов ўз жияни Абдуваҳоб Орипов (шоирнинг катта акаси Раззоқ Ориповнинг ўғли) хотирасига бағишлаб шеър ёзди.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги ҳузуридаги суд қарорларини ижро этиш департаментининг Хоразм вилояти бўйича бўлими раҳбари, 45 ёшли Абдуваҳоб Ориповнинг жасади ўтган ҳафтада Урганч марказидан ўтадиган Шовот каналидан топилганди.

Айни вақтда бу ҳодиса бўйича текширувлар олиб борилмоқда.

ТИРИКЛИК ҚИЙМАТИ

Укам Абдуваҳоб Орипов хотирасига

(1970-2015)

Бешикдан чиқибоқ ҳимояга ўт,
Дурустдир, тириклик ғамини есанг.
Ҳар лаҳза ёвузнинг тажовузин кут,
Агар бу дунёда соғ юрай десанг.

Ҳовлинг деворини терак бўйи қил,
Кучукнинг ўрнига боғлаб қўйгин фил.
Танк ҳам сотиб олсанг, тинчийди кўнгил,
Агар бу дунёда соғ юрай десанг.

Ертўла қаздириб, шунга кириб ёт,
Атрофга электр симларини торт.
Шуни талаб қилар, афсуски, ҳаёт,
Агар бу дунёда соғ юрай десанг.

Темурнинг ўқ ўтмас совутини кий,
Ўрта асрлардан келгандек ҳарбий.
Кўзни эҳтиёт қил, тепангда қирғий,
Агар бу дунёда соғ юрай десанг.

Қотил бажаради ишин қотириб,
Ўлдирар, бошингни сувга ботириб.
Ҳушёр боқ, қайдан бу найранг ва фириб,
Агар бу дунёда соғ юрай десанг.

Буткул ер юзининг аҳволи шулдир,
Сени ўлдирарлар ёки сен ўлдир.
Қулоғинг кар бўлсин, кўзларинг сўқир,
Агар бу дунёда соғ юрай десанг.

Худойим негадир бандасин урган,
Инсон кўп, бир-бирин пойлашиб турган.
Ҳеч қурса, бекиниб яшашни ўрган,
Агар бу дунёда соғ юрай десанг.

Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам бир хил муаммо,
Муфтий, кардиналлар қилсинлар дуо.
Қўлласин Тангрининг Ўзи, аввало,
Агар бу дунёда соғ юрай десанг.

2015 йил, 6 ноябрь.