АҚШ ва Россия Антарктидадан ядровий бомба ясаш учун қўлланиши мумкин бўлган, ҳеч ким томонидан ҳимоя қилинмаётган радиофаол унсурларга эга ускуналарни эвакуация қилди. Бу ҳақда Россия Антарктика экспедицияси раҳбари, Росгидромет Арктика ва Антарктика илмий тадқиқот институти директори ўринбосари Валерий Лукин маълумот берди.

“Қўшма Россия-АҚШ дастури доирасида Антарктикадан тўртта радиоизотоп термоэлектрогенератор ҳамда ионлаштирувчи нурланишнинг тўрт манбаси олиб чиқиб кетилди, улар турли ускуналар таркибига кирар эди”, - унинг сўзларини келтиради ТАСС.

Лукиннинг айтишича, ускуналар террорчилар қўлига тушиб қолиши ҳам мумкин эди, негаки қўриқлаш ишлари етарли даражада мукаммал йўлга қўйилмаган эди.