Mattel компаниясининг Barbie қўғирчоқлари рекламасида илк маротаба ўғил бола тасвирга тушди, дея хабар бермоқда Mashable.

Нашрнинг қайд этишича, кампания қаҳрамони мазкур ўйинчоққа бўлган муҳаббатини “очиқ энтузиазм” билан ифода этади. Икки қизалоқ билан у Moschino Barbie – Mattel компанияси ва Италиянинг Moschino мода уйи ҳамкорлигида ишлаб чиқилган туркум ўйинчоқларни реклама қилади.

Moschino Barbie ўйинчоқлари ўтган ҳафтада чекланган миқдорда сотувга чиқди. Ҳар бир қўғирчоқнинг нархи 150 долларни ташкил этди. Шундай бўлса-да чиқарилган адад сотиб бўлинди.

Рекламанинг ўзи эса 30 октябрда YouTube сайтида эълон қилинганига қарамасдан, сўнгги бир неча кундагина ОАВ эътиборига тушди.

Аввалроқ 2015 йилда Moschino`нинг креатив директори Жереми Скотт Барби қўғирчоқлари учун мўлжалланган ёзги ва қишки либослар туркумини ишлаб чиққан эди.