Нигерия президенти Муҳаммад Бухорий мамлакатнинг собиқ президенти Гудлак Жонатаннинг хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Самбо Дасукини ҳибсга олиш ҳақида фармон берди.

This Day газетаси маълумотига кўра, ушбу шахс "Боко Ҳарам" ташкилотига қарши кураш мақсадида ажратилган 2 миллиард доллар миқдоридаги маблағни ўзлаштириб юборганликда айбланиб, қўлга олинган.

Маълум қилинишича, истеъфодаги полковник ҳисобланадиган Дасуки 12та вертолёт, 4та ҳарбий самолёт ва ўқ дорилар сотиб олингани ҳақида сохта ҳужжатлар тайёрлаган. Лекин "Боко Ҳарам" ташкилотига қарши кураш ҳаракатларда бундай қурол ва воситалар мавжуд бўлмаган.

Нигерия армияси бюджет танқислиги ва жангариларга қарши курашнинг самарадорлигини таъминлаш мақсадида замонавий қуроллар берилмаётганидан шикоят қилиб келишган.

Бухорийнинг айтишича, амалдорнинг бу қинғирлиги минглаб кишиларнинг жангарилар қурбони бўлишига сабаб ҳисобланади.