Бухоролик шахс ўз қишлоқдошларини Россияда ноқонуний ишлатганликда айбланиб қамоққа олинди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.

Қоракўл туманининг Қуввача қишлоғида истиқомат қилувчи Астап Қурбонов 2011 йили Россиядан қайтиб келиб, у ерда иши яхшилигини, маошни “кўкида” олаётганини айтиб, бир гуруҳ қишлоқдош ёшларни тўплай олган. Осон даромадга ишонган ёшлар унга эргашиб Россияга кетишган.

2015 йил 5 апрелида Москва вилоятининг Коломна шаҳрига етиб келган гуруҳ оғир жисмоний меҳнатга жалб қилинган. Қурбонов уларнинг паспортларини олиб қўйиб, бепул ишлатган.

Бир муддатдан сўнг юртига қайтишга муваффақ бўлган йигитлар тегишли идораларга мурожаат қилишган. Натижада Астап Қурбонов қўлга олиниб, одам савдосида айбланиб қамалиб кетган.