Ўтган ҳафтада Франция пойтахти Париж шаҳрида “Истеъдодлар салюти” лойиҳаси доирасида XXIV ҳалқаро болалар ва ўсмирлар ижоди фестивали бўлиб ўтди. “Париж, мен сени севаман!” шиори остида бўлиб ўтган тадбирда дунёнинг 20га яқин мамлакатидан 150 нафар ёш истеъдод соҳиблари қатнашди.

Ушбу нуфузли танловда Қўқон шаҳридаги 7-болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Шерзодбек Йўлдошев “Чолғу санъати” йўналишида фахрли биринчи ўринни эгаллади.

"Париж сафарида устозларим Зарифжон Раҳматов ҳамда Ўринбой Йўлдошев ҳамроҳ бўлишди. Айнан уларнинг кўрсатмалари ва қўллаб-қувватлашлари туфайли саҳнада ўзимни дадил тутдим. Бастакор Мухтор Ашрафийнинг “Сўзсиз қўшиқ” асарининг доирада ижро этдим, бу ижро нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан юқори баҳоланди", - дейди Шерзодбек.

"Шерзодбекнинг халқаро фестивалдаги ютуғи бизни беҳад қувонтирди,- дейди 7-БМСМ директори Ваққосхон Бобоев. – Ёш санъаткорларимизнинг дунё миқёсидаги нуфузли танловларда қўлга киритаётган ютуқлари замирида муҳтарам Президентимизнинг баркамол авлод тарбиясига катта эътибор бераётганликлари мужассамдир.

Париждаги халқаро фестиваль ғолиби, Данғара туманидаги 13-умумий ўрта таълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Шерзодбек Йўлдошев мусиқа ва санъат мактабидаги устозлари кўмагида келаси йили Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтадиган “Истеъдодлар салюти” лойиҳасининг суперфиналида ҳам муносиб қатнашиш учун пухта тайёргарлик кўрмоқда.